«Ўзбекнефтгаз» ва Американинг Air Products компанияси қиймати 450 млн долларга тенг техник газ ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очиш тўғрисидаги битимни имзолади, дея хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ҳужжат Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов ва Air Products президенти Сейфуллоҳ Гассеми учрашуви якунлари бўйича имзоланди. Томонлар Ўзбекистон ҳудудида табиий газдан гелий ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш бўйича ўзаро англашув меморандумини ҳам имзолади.

Air Products делегацияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ўзкимёсаноат» компаниясида ҳам музокаралар ўтказиб, Сирдарё вилоятида аммиак ва карбамит ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги иштирок масалалари муҳокама қилинди.

2018 йил октябрда «Ўзбекнефтгаз» ва Air Products газни чуқур қайта ишлаб чиқариш соҳасида 2 млрд долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Ўрта истиқболда Ўзбекистонда дастлабки қиймати 4,25 млрд доллар бўлган газ-кимё кластерини қуриш режалаштирилмоқда.

МТО (methanol to olefins) технологияси бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи газ-кимё мажмуаси ҳамда йилига 300 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган полимерларни қайта ишлаш бўйича 10 га яқин завод кластер таркибидан ўрин олади. Газ-кимё мажмуаси эса йилига 1,5 млрд куб метргача газни қайта ишлаб, 200−250 минг тонна полипропилен, 100 минг тонна этиленпропилен каучугу, 100 минг тонна полиэтилентереталат ва этиленвинилацетат, 100−150 минг тонна этиленгликол ва полиэтилен ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.