Сирдарё вилояти Ховос тумани Бунёдкор маҳалласида дастлабки енгил конструкцияли тикувчилик мажмуаси ташкил этилди. Унинг очилиш маросимида президент маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, бош вазир ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Сирдарё вилояти ҳокими Ғафур Мирзаев ҳамда «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқарув раиси Алишер Мақсудов иштирок этди.


Мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнида корхонани жойлаштириш ҳудудини белгилаш ва тегишли муҳандислик тармоқларига улашда Сирдарё вилояти ва Ховос тумани ҳокимликлари зарурий амалий ёрдам кўрсатди.


Лойиҳани амалга ошириш ҳисобига мазкур маҳаллада 140 нафар ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар ишга қабул қилинди.


Корхонанинг тўлиқ қувватларда ишга туширилиши натижасида йилига 8 млн дона турли хилдаги тайёр тикувчилик маҳсулотлари (сочиқ, болалар ва катталар кийимлари, махсус кийимлар, чойшаблар) ишлаб чиқарилади ва маҳсулотларнинг дастлабки йиллар давомида 60 фоизи экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.


Таъкидлаш жоизки, 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти олдига 2019 йил давомида вилоятда жами 32 та тикувчилик ва тўқимачилик корхонасини ташкил этиш ва уларда яратиладиган 4200 та янги иш ўринларига хотин-қизларни ишга жойлаштириш вазифаларини белгилаб берган эди.

Реклама ҳуқуқи асосида.