Рембрандтнинг 150 млн еврогача баҳоланаётган картинаси Маданият вазирлигига берилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Рембрандтнинг 150 млн долларгача баҳоланаётган картинасини Маданият вазирлигига берди. Картина Германияда сақланиб, Иккинчи жаҳон урушидан кейин хусусий қўлларга ўтган.

Таниқли рассом Рембрандт ван Рейн (1606−1669) қаламига мансуб картина Ўзбекистон Маданият вазирлигига берилди. Бош прокуратура ва Маданият вазирлиги ўртасида объект олди-бердиси акти тузилди, дея хабар қилди вазирлик ва Бош прокуратура матбуот хизматлари «Газета.uz"га.

Маданият вазирлигининг қайд этишича, мазкур иш Европа аукцион савдоларида 8−15 млн евродан (бошланғич нарх) 150 млн еврогача баҳоланади. Буни Sotheby’s (Буюк Британия) ва Christie’s (Франция) аукцион уйлари маълумотлари тасдиқламоқда.

Бош прокуратура ўтказган бадиий экспертиза хулосаларига кўра, картина ҳақиқатдан ҳам Рембрандт қаламига оид. Картина музей-тарихий ва бадиий аҳамиятга эга.

Яқин вақтларда янада чуқур изланишлар олиб борилади, дея қайд этди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Маданият вазирлиги.

Сурат 2008 йилгача Тошкентда истиқомат қилувчи Андрей Плужниковда сақланган, Маданият вазирлиги ва Бош прокуратура маълумотларига кўра, у картинани фуқаро Комил Юлдашевга 50 минг долларга сотади, у эса таниши Р.Фузаилов орқали асарни ноқонуний йўл билан республикадан ташқарига олиб чиқиб кетган. 2014 йилда Юлдашевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 170-моддаси (Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

2014−2018 йилларда жиноят иши жиноят таркиби йўқлиги, шунингдек муддат ўтгани сабабли бир неча марта тўхталган. Ўтган йили Андрей Плужников бош прокурор Отабек Муродов номига қарордан норозилиги тўғрисидаги шикоят билан мурожаат қилди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Бош прокурор топшириғи билан 2018 йил 4 июнда жиноят иши Тошкент ИИББ Тергов бўлимидан Бош прокуратура ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасига берилади. Тезкор қидирув тадбирлари натижасида 14 июнь куни жиноят иши очилиб, Рембрандтнинг муаллиф иши топилади.

Тергов якунлари бўйича Юлдашев ва Фузаилов Жиноят кодексининг 182-модда (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 2-қисми ва 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш) 2-қисми бўйича айбдор сифатида жалб қилинди. 21 ноябрь куни улар айбдор деб топилиб, картина Бош прокуратура томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига аппеляцион шикоят киритилганидан сўнг биринчи инстанция суди қарори қайта кўриб чиқилди ва ўз кучида қолдирилди.

Маданият вазирлиги тез орада картинани Ўзбекистон Давлат санъат музейига топширади.