10 март куни Нукусдаги Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион марказига Япония делегацияси вакиллари — Киото университети професcори, Сув ресурсларини ўрганиш марказининг мутахассиси Кенжи Танакани ва Тохоку университети доценти, сунъий йўлдош кузатуви бўйича мутахассис Йошия Тоге ташриф буюрди.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, япон делегациясини Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг Марказий Осиё ва Кавказорти давлатлари ҳудудий ваколатхонаси раҳбари, профессор Кристина Тодерич қабул қилди.

Учрашув Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг Марказий Осиё ва Кавказорти давлатлари ҳудудий ваколатхонасининг дастури доирасида Оролбўйи халқаро инновацион марказининг ишлаб чиқариш майдонида бўлди. Япониялик меҳмонлар Халқаро инновацион маркази кўчатхонасида етиштирилаётган тузга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ниҳолларини кўздан кечирдилар.

Япониялик олимлар Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг Марказий Осиё ва Кавказорти давлатлари бўйича ҳудудий ваколатхонаси раҳбари, профессор Кристина Тодерич иштирокида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Жумладан, Мўйноқ туманида гидрометеопост ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги шўр тупроқдан туз ва гербецидларни чиқариб ташлашга ёрдам берувчи технологияни яратиш ҳамда муқобил энергия ҳисобидан ишловчи иссиқхона қуриш имкониятлари муҳокама этилди.