Болалар учун RoboKidz робототехника мактаби асосчиси Темур Азаматов Mirzo Ulugbek Innovation Center (MUIC) Инновацион маркази директори этиб тайинланди, дея хабар қилди «Газета.uz"га ҳукуматдаги ахборот маркази.

Декабрда марказга Нодир Деҳқонов раҳбар бўлган, аввалги кадрлар таркиби тарқатиб юборилган эди.

Темур Азаматов (1980 йилда туғилган) 2002 йилда Фарғона политехника университетини, 2009 йилда эса Англиянинг Раскин университетини магистратура босқичини тугатган. 2014 йилда Ўзбекистон-Япония марказида таҳсил олди, 2015 йилда эса болалар учун RoboKidz робототехника мактабига асос солди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги фармони билан ташкил этилган Мирзо Улуғбек номидаги Инновация марказининг мақсади иқтисодиёт соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини марказлаштириш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқувчилари ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар, преференцияларни тақдим этишдан иборат.

Айни пайтда АКТ вазирлиги ҳузурида Ҳиндистон билан ҳамкорликда Дастурлар ва инновацион маҳсулотлар технопарки ташкил этилмоқда. Технопаркнинг май ойида очилиши режалаштирилмоқда.