2019 йил 13 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жамшид Кенжаевнинг ўлимига сабабчи бўлган Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Ҳамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ҳамда суд ҳукми эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Мазкур жиноий иши судья Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиб, Ш. Қиличовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда, С. Камолдинов, А. Хамраев ва Ж. Ёрқуловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликларида айбдор деб топди.

Суд ҳукмига асосан Ш. Қиличовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди, С. Камолдинов, А. Хамраев ва Ж. Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил-колонияда ўташ белгиланди.

Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шунингдек, мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 8 август куни соат 23:45 ларда Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси, 1-а-уйда жойлашган «Aurum» тунги клуби кириш эшиги олдида Ж.Кенжаев «Aurum» тунги клуби қўриқчилари Ш. Ильясов ва А.Мирзаев билан ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ш. Ильясовга ва А.Мирзаевга тан жароҳатлари етказган.

Жанжал давомида воқеа жойида бўлган «Aurum» тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Ш.Қиличов фуқаро Ж.Кенжаевни қўлидан ошхона пичоғини тортиб олиб, унга санчиб, тан жароҳатлари етказган.

Олган тан жароҳатлари билан Ж.Кенжаев Юнусобод туманидаги 7-сонли ШКШга ётқизилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилса-да, етказилган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.