Республика болалар кутубхонаси томонидан «Икки эшик ораси», «Сариқ девни миниб», «Отамдан қолган далалар», «Оқ кема», «Шамол ортидан югуриб», «Ўзбек халқ эртаклари» каби жами 40 номдаги ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти ҳамда жаҳон адабиётининг буюк бадиий намуналарининг аудиокитоб шаклидаги вариантлари яратилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

2019 йил 12 март куни Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика болалар кутубхонасида ушбу аудиокитобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди ва китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.

Тақдимотда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, филология фанлари номзоди Р. Жуманиёзов, сухандон М.Жўраевалар иштирок этди.

Жорий йил якунига қадар Республика болалар кутубхонаси томонидан ўқувчилар ҳамда китобхонлар учун ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналаридан иборат яна 40 номдаги асарларни аудиокитоб шаклидаги вариантларини яратиш режалаштирилмоқда.