«Навоийазот» акциядорлик жамияти ҳудудида учта йирик инвестицион лойиҳа — Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳамда Азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши қизғин давом этмоқда. Ушбу корхоналарга замонавий тежамкор технологик ускуналар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Ушбу лойиҳа жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Корхона фойдаланишга топширилгач, йилига импорт ўрнини босувчи 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. 900 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғи экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, жамиятда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади.

Яна бир лойиҳа — Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ҳам ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ умумий қиймати 216,6 миллион долларга тенг ушбу ишлаб чиқариш объектида йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади.