Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳарбий журналистика касбий қайта тайёрлаш курси ва 2019−2020 ўқув йилларида ҳарбий журналистика йўналиши очилишининг тақдимоти бўлиб ўтди.Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тадбирда маълумот берилишича, ҳарбий журналистика йўналиши икки босқичда амалга оширилади. Улар 4 йиллик бакалавриат таълим йўналиши ва 4 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларидир. 2019−2020 ўқув йилида ҳарбий журналистика йўналиши бўйича 20 нафар талабаларнинг барчаси грант асосида ўқишга қабул қилинади.

— Ҳарбий журналистика йўналиши бўйича соҳага йўналтирилган махсус ўқув режа ҳамда журналистика соҳаси билан биргаликда ҳарбий билим ва кўникмаларни шакллантирувчи ўқув-дастурлари ишлаб чиқилган, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нозима Муратова.

Шунингдек, жами 4 ойлик (576 соатлик) касбий қайта тайёрлаш курсларининг махсус ўқув режаси ва дастурлари яратилди. Ўқув курсларида асосан журналистика билан боғлиқ назарий ва амалий машғулотлар, ҳарбий соҳага йўналтирилган фанлар акс этган. Ўқув жараёнига журналистика соҳасида кўп йиллик тажрибага эга профессор-ўқитувчилар, ҳарбий соҳанинг етакчи мутахассислари жалб этилади. Ҳарбий журналистика йўналишида таҳсил олиш истагида бўлган абитуриентлар журналистика соҳасида талаб этиладиган тест, оғзаки суҳбат билан биргаликда жисмоний тайёргарлик синовларидан ҳам имтиҳон топширишади.

Тадбирда маълумот берилишича, бакалавриат йўналишида таҳсил олиш учун танлаб олинадиган талабаларнинг 20 нафари ҳам давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Тўрт ойлик касбий қайта тайёрлаш курслари пулли асосда бўлиб, ҳеч қадай ва чеклов ва имтиҳонлар йўқ, ўқиш истагида бўлганлар аризалари асосида танлаб олинади.

Дастлабки ўқув курсларига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари иштирок этиши режалаштирилган.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида келишув меморандуми имзоланди.