Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев март охирида Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюриши мумкин, дея маълум қилди сешанба куни БАА иқтисодиёт вазири Султон бин Саид Ал Мансурий.

Сешанба куни Тошкентда Иқтисодий, савдо ва техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

«Биз шу ой охирида Ўзбекистон президентининг БААга ташрифини сабрсизлик билан кутмоқдамиз», — деди комиссия ҳамраиси Султон бин Саид Ал Мансурий.

Вазир нефть-газ, энергетика, инфратузилмавий лойиҳалар ва қишлоқ хўжалиги соҳалари икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлишини таъкидлади. «Ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун «йўл харитаси"нинг ишлаб чиқилиши олдинга ташланган қадам бўлиши шубҳасиз», — дея қўшимча қилди БАА вакили.

Йиғилишда томонлар қатор БАА компаниялари иштирокидаги лойиҳалар — Mubadala билан углеводородларни чуқур қайта ишлаш, Masdar билан қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорлик, ADNOC компанияси билан «Ўзбекнефтгаз» учун табиий газни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида консультациялар ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.