Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналари учун 200 та General Electric УЗИ ускунасини сотиб олди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, кўп тармоқли поликлиникалар ҳар йили ўртача 700 минг ҳомиладор аёлларни скрининг текшируви билан қамраб олиши мумкин (авваллари — 280−350 минг).

«Илгари ҳомиладор аёллар пойтахтимиз ёки вилоят марказларига сарсон бўлиб, келиб-кетишган бўлса, ҳозирда бунга ҳожат қолмади… Энг муҳими, 14 ҳафтагача бўлган муддатдаги ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг тўлиқ олдини олиш имкони пайдо бўлди», — деди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

УЗИ ускуналари президентнинг 2017 йил 25 декабрдаги қарори билан тасдиқланган 2018 — 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури доирасида болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга қарши оммавий скрининг текширувларини ўтказиш мақсадида харид қилинди.