Rating-Agentur Expert RA (RAEX-Europe) рейтинг агентлиги Ўзбекистон ҳукуматининг миллий ва хорижий валютадаги рейтингини «В+» (кредит тўлаш қобилияти ўртачадан паст даражада) даражасидан «BВ-» (етарли даража) даражасигача кўтарди. Ҳисобот (PDF) билан агентлик сайтида танишиш мумкин.

Барқарор рейтинг прогнози ўрта истиқболда рейтинг баҳосининг ўзгармаслик эҳтимоли юқорилигини англатади.

Агентлик экспертларининг қайд этишича, Ўзбекистоннинг рейтинг даражаси мамлакатда долларизациянинг барқарор пасайгани, февралда биринчи еврооблигацияларнинг чиқарилиши ҳисобига мамлакатнинг халқаро капитал бозорига муваффақиятли чиққани боис оширилган.

RAEX-Europe хабарида қайд этилишича, давлат қарзларининг камлиги ва бюджет тақчиллигининг паст экани, юқори иқтисодий ўсиш, ижобий даромад кўрсаткичлари ва банк тизими капитализацияси мамлакат кредит салоҳиятининг кучли бўлишига замин яратмоқда.