Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев якшанба куни вертолётда пойтахт осмонида парвоз қилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти «Газета.uz"га хабар қилди.

Мудофаа вазирлигидан қайд этилишича, улар Airbus Helicopters H215 русумли вертолётда учишган. Мазкур вертолёт Тошкентнинг 3D форматдаги бош режасини ишлаб чиқиш учун аэрофотоускуна билан жиҳозланган, дея аниқлик киритди ҳокимият вакили.

Аввалроқ шаҳар маъмурияти апрель охиригача Тошкентнинг бош режаси концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Бу иш билан Хитой, Туркия ва Буюк Британия компаниялари иш олиб бормоқда.