Март-апрель ойларида Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Наврўз байрамига бағишланган маданият тадбирини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Ушбу маданият байрамида ўзбекистонлик санъаткор ва ижодкорлар иштирокида катта концерт уюштирилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев бошчилигидаги делегация Корея Республикасида бир қатор музокаралар олиб бормоқда. Ташриф доирасида у «Корея Республикаси-Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми котибияти директори Лим Чёл Ви билан учрашди. Учрашувда икки мамлакат маданият вакиллари иштирокида ҳамкорликдаги маданий тадбирларни ўтказишга келишиб олинди.

Жумладан, сентябрь ойида Ўзбекистонда Корея кўргазмасини ташкил этишга келишилди. Бундан ташқари, 2020 йилда Ўзбекистон музей ходимларининг Жанбуий Кореяда малака оширишлари масаласида музокаралар олиб борилди.