СССР халқ артисти, театр ва кино актёри Владимир Этуш шанба куни 96 ёшда вафот этди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Вахтангов номидаги театр директори Кирилл Крок маълум қилди.

Артист жума куни шифохонага ётқизилган, шанба куни 14:30 да (Тошкент вақти билан) ҳаётдан кўз юмган.

Актёрга яқин манбанинг ТАССга хабар қилишича, бир ойча муқаддам Владимир Этуш инфарктни бошдан кечирган, шундан сўнг касаллик зўрайиб борган.

Владимир Этуш 1922 йил 6 май куни таваллуд топган. 1939 йилда Шукин номидаги театр билим юртига кирган, бироқ фронтда хизмат қилиш учун ўқишни тўхтатган.

Актёр 40 дан зиёд фильмларда тасвирга тушган, театр постановкаларида ўнлаб ролларни ижро этган. «Буратинонинг саргузаштлари» фильмидаги Карабас-Барабас, «Кавказ асираси» картинасидаги Саахов, «12 стуль» фильмидаги муҳандис Брунс, «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» фильмидаги Антон Семёнович Шпак роллари билан эсда қолган.

1984 йилда Этуш СССР халқ артисти унвони билан тақдирланган.