4 март куни Иннновацин ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражжаббоев ҳамда Россия Фундаментал тадқиқотлар Кенгашининг (РФТК) раиси ўринбосари Владимир Квардаков билан учрашди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Учрашув давомида вазирлик ва РФТК ўртасида илмий ҳамкорликнинг мавжуд ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Владимир Квардаков икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорлик ҳақида сўзларкан, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги илмий шерикликнинг тез суръатларда ривожланаётганини кузатиш мумкинлигини қайд этди. Ҳар икки давлат олимларида катта қизиқиш уйғотган ҳамкорликдаги фундаментал илмий тадқиқотлар бўйича танловнинг йўлга қўйилгани бунинг яққол мисолидир. Хусусан, олимлардан кутилганидек 30−40 та эмас, 150 та аризанинг тушди. Бу фактнинг ўзи илмий алоқаларнинг нақадар муҳимлигини, ҳамкорликдаги фундаментал илмий тадқиқотларнинг қай даражада долзарб эканини намойиш этди.

«Россия бундан кейин ҳам икки давлатнинг ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди, — деди у. — Айниқса, ёш олимларнинг биргаликдаги фаолиятларини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга».

РФТКда ҳар йили барча МДҲ давлатларининг илмий-тадқиқот институтлари ёш ходимлари стажировка ўташ учун танловларда иштирок этадилар. Владими Квардаков ўзбекистонлик ёш олимларни ҳам мазкур стажировкаларни ўташ ва грант лойиҳаларида қатнашишга таклиф этди.

Шунингдек, Россия билан Беларусь ўртасида ёш олимлар танлови ўтказиш ҳақида келишуви бўлганидек, худди шу амалиётни Ўзбекистон билан ҳам амалга ошириш бўйича таклифлар берилди. Бу илмий алоқаларни мустаҳкамлашга, икки давлат ёш тадқиқотчиларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, келажакда шаклланажак илмий жамоатчиликнинг яқинлашишига сабаб бўлади.

Музокаралар натижаларига кўра, Иннновацин ривожланиш вазирлиги ва Россия Фундаментал тадқиқотлар Кенгаши ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.