Тошкентда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан табриклаб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва энг эзгу тилакларини билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

— Бугунги қувончли айёмда дунёда «фидойи» деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз. Аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади, — деди давлат раҳбари.

Халқ розилиги аввало, муҳтарама оналар, хотин-қизларнинг розилиги билан боғлиқлиги, уларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш барча ислоҳотларнинг асосий мақсади ва мезони экани таъкидланди.

Президентнинг 2019 йил 7 март куни қабул қилинган «8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон тараққиёти, халқ фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар орасида атоқли олимлар, шоир ва адибларнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам борлиги алоҳида эътиборга молик.

Шунингдек, давлат раҳбарининг 2 мартдаги қарорига мувофиқ йигирма саккиз нафар фаол қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

— Сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз. Истаймизки, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин, — деди президент.

Бугун Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим ҳужжат — «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чекди. Унда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, маиший ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича комплекс вазифалар белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакилалари тўкин дастурхон атрофида байрамни нишонлади. Тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, жумладан, Франция Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси элчилари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.