Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбарининг 7 мартдаги фармойишга мувофиқ, президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосарлари тасдиқланди, дея хабар қилди агентлик матбуот хизмати.

Ходжиметов Авазбек Жаббаркулович — Агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Авазбек Ходжиметов (1974 й. т.) Тошкент Давлат шарқшунослик институти ҳамда Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича — халқаро иқтисодий муносабатлар, сиёсатшунослик: тизимли таҳлил ва истиқболни белгилаш.

Авазбек Ходжиметов меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги «Жаҳон» ахборот агентлигида бошлаган. 2004−2007 йилларда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида пресс-атташе, 2007−2009 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги БМТ ва халқаро ташкилотлар бошқармасида давом эттирган.

2009−2015 йилларда Ўзбекистон президенти девонида масъул лавозимларда фаолият юритган. 2015−2016 йилларда Халқаро ҳамкорлик ва хавфсизлик ишлари бўйича мувофиқлаштирувчи-таҳлилий марказ директори вазифасида ишлаган. 2016 йилда Ўзбекистон президенти Матбуот котиби лавозимига тайинланган.

2017 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати Ахборот-таҳлил ишлари бўйича сектори мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

Авазбек Ходжиметов Агентлик директорининг биринчи ўринбосари сифатида давлат ахборот сиёсатини амалга ошириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллашлаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот таҳлили ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.

Раҳимова Наргизахон Асроровна

Раҳимова Наргизахон Асроровна — агентлик директори ўринбосари лавозимига тайинланди. Наргизахон Рахимова (1978 й. т.) Тошкент давлат техника университетини иқтисодчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1999 йили Олий хўжалик судида маслаҳатчи лавозимида бошлаган. 2000−2006 йиллар мобайнида Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий фаолият Миллий банкида фаолиятини давом эттирган.

2006 йилдан буён ахборот, журналистика соҳаси бўйича қатор лавозимларда фаолият кўрсатган. «Деловой партнер», «Биржа» каби газеталар, қатор электрон оммавий ахборот воситаларида масъул лавозимларда, Ўзбекистон Президенти девони Медиа марказида Бош мутахассис лавозимида фаолият юритган.

Наргизахон Раҳимова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг чет элларда ижобий имиджини шакллантириш — PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлади.


Бозоров Ғайрат Назарович

Бозоров Ғайрат Назарович — агентлик директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Ғайрат Бозоров (1984 й. т.) Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича — халқаро журналист.

Ғайрат Бозоров меҳнат фаолиятини Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бошлаган. 2007 йилдан 2016 йилга қадар агентликда мутахассис, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи каби лавозимларда фаолият юритган. 2016 йилда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «O‘qituvchi» нашриёт-матбаа ижодий уйи Давлат корхонаси Маркетинг бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган.

2018 йилдан буён шу кунга қадар нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг нашриёт ва маркатенг масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ғайрат Бозоров Агентлик директорининг ўринбосари сифатида лицензиялаш ва назоратни ташкил этиш, нашриёт-матбаа соҳаси, китоб савдоси ва ахборот кутубхона ресурслари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.

Ўзбекистон президентининг қарорига асосан, Агентлик директори ўринбосарларининг мақоми Ўзбекистон президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилган.