Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов «Зарафшон» газетасига берган интервьюсида «Ургут» эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

«Ургутда, умуман, вилоятда тадбиркорлик жадал ривожланаётган бўлсада, президент ташаббуси билан ташкил этилган «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ишбилармонларимизнинг бу имкониятларини янада кенгайтирди. Уларнинг халқаро миқёсда ишлаши, андозани хорижга қараб олиши, бугун ва эртанги кунни ҳам халқаро бозор талабидан келиб чиқиб кўра олишига имконият яратди.

Айни пайтда эркин иқтисодий зона учун фақат Ургутда эмас, Пастдарғом, Нуробод туманлари ва Самарқанд шаҳрида жами 918 гектар ер майдони ажратилган. Бу «Ургут» эркин иқтисодий зонаси бутун вилоят иқтисодиётида, саноатида ўз ўрнига эга эканини кўрсатади.

Энди рақамларга эътибор беринг. Ҳозир эркин иқтисодий зонада 53 инвестор томонидан умумий қиймати 221,7 миллион АҚШ долларига тенг 60 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса, 4484 та янги иш ўрни яратилади. Йилига 358,2 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 51,9 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилади.

Ўтган йили ва жорий йил бошидан буён 76,1 миллион долларлик 25 та лойиҳа амалга оширилди, 1 минг 171 та иш ўрни яратилди", — дейди Эркинжон Турдимов.