2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда И. М. Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиалини очиш кўзда тутилмоқда. Бу масалани Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова муҳокама қилди, дейилади ССВ хабарида.

Бу борада қўшма факултетларни ташкил этиш, бакалавриат, магистрлик ва клиник ординатурада таълим дастурларини тайёрлаш борасида шартномалар тузилди.

Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида «Педиатрия иши» ва «Даволаш иши» таълим йўналишлари бўйича қўшма факултет ташкил этилади.

Жорий йил сентябрдан Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ва Тошкент давлат стоматология институти биргаликда «Дерматовенереология» йўналишида қўшма факультет очиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Оренбург давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида «Даволаш иши» ва «Клиник психология» йўналишида ҳам қўшма факультетлар ташкил қилинади.

Санкт-Петербург педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали билан биргаликда эса олтита: «Акушерлик ва гинекология», «Болалар жарроҳлиги», «Травматология», «Педиатрия», «Стоматология» ва «Онкология» йўналишларида халқаро факултетлар ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

В. Скворцова ўзаро тажриба алмашиш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий таълимни ривожлантириш юзасидан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.