Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 февралдан 6 мартга қадар 438 та қизамиққа чалиниш ҳолатини қайд этди. 282 ҳолатда 14 ёшгача болалар ушбу хасталик билан оғриган.

Қизамиққа чалиниш ҳолатлари республиканинг барча ҳудудларида кузатилмоқда. Жумладан Остонада сўнгги ҳафта ичида 99 ҳолат қайд этилди. «Бугунги кунда республика бўйича 186 киши шифохоналарда даволанмоқда, уларнинг 15 нафари Остонада», деди вазирлик.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Газета.uz» мухбирига мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор эканини маълум қилди. «2018 йилда қизамиқ элиминацияси тўғрисидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификати олинган». БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистонда қизамиққа чалиниш ҳолатлари ўсаётгани тўғрисидаги маълумотига изоҳ берар экан, вазир бундай ҳолатлар ҳар йили қайд этилиши ва улар «бошқа ерлардан олиб келиниши"ни таъкидлади. Қозоғистондаги вазият «қўрқитмайди, чунки бизнинг эпидемиологлар, иммунологлар илмий изланишлар олиб бориб, қизамиқ инфекциясига реакциялар, иммунологик жавоб даражаси, иммун фондларни аниқламоқда. Эпидемиянинг ривожланишига йўл қўйилмайди», деди соғлиқни сақлаш вазири.

Қизамиқ вируси ҳаво-томчи йўли орқали осонгина юқади ва у ҳавода вирус ташувчи бинони тарк этганидан кейин икки соатгача яшаб қола олади. Қизамиқ тошмалар пайдо бўлишига ва тузалгандан кейин тўрт кунга қадар бошқаларга юқади. Шу сабабли касалликка чалинган одам ҳеч қандай шубҳаларсиз вирус тарқатиб юраверади.

Вакцинация — қизамиққа қарши ягона энг самарали йўл. «Ҳарорат ошиши, йўтал, тумов, томоқдаги оғриқ ва танадаги тошмалар пайдо бўлиши билан ўз вақтида ташҳис қўйиш ва даволаш учун шифокорга мурожаат қилиш лозим», дейилади Қозоғистон Жамоат соғлиғини муҳофаза қилиш қўмитаси.

Қизамиқ пневмания (ўпкалар шамоллаши), бронхит, энцефалит (мия пўстлоғининг яллиғланиши) каби асоратларни келтириб чиқариши мумкин.