Ўзбекистон 2018 йилда «Лукойл» компанияси олдида 600 млн долларга яқин миқдорда қарздор бўлиб қолди, дея хабар қилди Reuters агентлиги «Лукойл"нинг қазиб олиш бўйича вице-президенти Азат Шамсуаровнинг инвесторлар билан телефон орқали мулоқотига таянган ҳолда.

Ўзбекистонда «Лукойл» компанияси Қандим-Ховузак-Шоди-Қўнғирот ва Жануби-Шарқий Ҳисор лойиҳаларида маҳсулотларни бўлиб олиш шарти билан иш олиб бормоқда. Лойиҳаларда ишлаб чиқарилган газ асосан Хитойга етказиб берилади, дейилади хабарда.

Азат Шамсуаров инвесторларга 600 млн долларлик қарз Ўзбекистон бир қисм газни ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келганини, келишувда эса республикада қазиб олинган газнинг барчасини экспорт қилиш кўзда тутилганини маълум қилди.

Ҳозирда «Лукойл» Ўзбекистонда йилига 14,5 млрд куб метр газ ишлаб чиқармоқда, дея қўшимча қилди «Лукойл вице-президенти. Компания лойиҳа доирасида мамлакатга 8 млрд долларга яқин сармоя киритган ва унинг 4 млрд долларини қайтариб олган, дея Reuters унинг сўзларидан иқтибос келтирди.

Томонлар қарздорликни икки йил муддатда ҳар ой тенг миқдордаги тўловни амалга ошириш орқали реструктуризация қилиш ҳамда «Лукойл» мамлакат ички бозорига йилига 5 млрд куб метр миқдоридаги газни олдиндан тўлов асосида ўртача ҳисобланган экспорт нетбэкига нисбатан 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишиб олди.

2020 йилгача «Лукойл» Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш ҳажмини 16 млрд куб метргача оширишни режалаштирган. Унинг 8 млрд куб метри Қамдим, 5 млрд куб метри — Ҳисор ва 3 млрд куб метри — Ховузакда қазиб олиш режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни нефть-газ ва кимё саноати соҳаларида ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев соҳада йиғилиб қолган дебиторлик қарздорликникамайтиришни топширган.

«Газета.uz» «Ўзбекнефтгаз» компаниясидан ушбу хабар юзасидан изоҳ ололмади.