Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москва-Тошкент рейси йўловчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатди, дея хабар қилди ТАСС.

Парвоз вақтида аёл киши — Ўзбекистон фуқароси — ўзини ёмон ҳис қилди, тўсатдан қорни оғриб қолди. Самолётда баланд овоз билан шифокор ёрдами кераклиги эълон қилингач, Вероника Скворцова ёрдамга келди.

«Вазир ҳолатни ҳаётга таҳдид солмайди деб баҳолади ва доимо ёнида олиб юрадиган ўз дори қутичасидан дори воситасини олиб келди. Дорини ичганидан кейин йўловчининг аҳволи яхшиланди», — дейилади хабарда.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси 6 март куни эрталаб икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Россия делегацияси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида музокаралар ўтказиб, мамлакатдаги бир қанча тиббиёт муассасаларида бўлади.

Учрашувлар вақтида томонларнинг Россия тиббиёт ОТМларидан бирининг филиалини очиш ва Тошкентда кўп профилли тиббиёт марказини қуриш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.