5 март куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддатини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштиришни белгилаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Гулнора Исламовна Каримовага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. «Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда», суднинг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

«Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Иман Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Гулнора Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

«Гулнора Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган. Лекин маҳкума Гулнора Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган», — дея таъкидлайди Бош прокуратура.

«Гулнора Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган. Огоҳлантиришга қарамасдан, Гулнора Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан: мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланган; жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган», — дейилади ахборотда.

Жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли Гулнора Каримова жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.