Миллий матбуот марказида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган анжуман тармоқдаги янгиликлар, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди.Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этмоқда. Унга кўра, ҳар бир хонадонга акциядорлик жамияти ҳисобидан электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. Авваллари ҳудудлар учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, «лимит» ажратилар эди. Янги тизимда эса барча маълумотлар аниқ кўриниб туради. Бу таъминотда чекловнинг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур «ақлли» ҳисоблагичлар маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, у дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Энергия тўлови тўланмаган ҳолатда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Яна бир эътиборли жиҳат — бу ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мазкур тизимни жорий қилиш режалаштирилган. Жорий йил Тошкент шаҳрининг туманларида шундай замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилади. Ҳозирги кунда шаҳарнинг Юнусобод туманида ушбу тизим амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жамият бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов ва бошқалар Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзаидан бу ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Мазкур ҳужжатга асосан 2021 йил якунигача 7 миллиондан ортиқ истеъмолчининг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши белгилаб берилган. Шунга мувофиқ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Қўқон, Ангрен шаҳарлари «Toshelectroapparat» МЧЖ ХКнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

— Замонавий ҳисоблагичларнинг асосий қисмини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бермоқда, — деди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ҳузуридаги Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва мувофиқлаштириш (АСКУЭ) дирекцияси директори Ботир Алимов. — Масалан, «Toshelectroapparat» МЧЖ ХК томонидан етказиб берилган ҳисоблагичларнинг 53 097 донаси Қўқон шаҳрида ва 42 711 донаси эса Ангрен шаҳрида ўрнатилди. 2019−2020 йилларда Фарғона ва Тошкент вилоятларининг барча истеъмолчилари замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунгача Бухоро шаҳрида 42 минг дона, Жиззах шаҳрида 22 минг ҳамда Самарқанд шаҳрида 45 мингдан ортиқ электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Жорий йилда Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 1 миллион дона ва 2020 йилнинг биринчи ярмида 400 минг дона замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилган.