Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан жорий йил 4 март куни тасдиқланган «Самарқанд вилояти сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича йўл харитаси"да Самарқанд вилоятида мунтазам равишда ўтказиладиган фестиваль, сайил ва бошқа тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган саёҳларнинг вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Регистон майдонидаги 3D лазерли шоуси эндиликда ҳар куни намойиш этилади.

Март, ноябрь ва декабрь ойларида «Улоқ-кўпкари» ўйинлари, 7 сентябрда «Кишмиш» фестивали ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳар бир туманда ўтказиладиган сайиллар ва уларнинг аниқ саналари белгиланди.

Хусусан, 7 март куни Ургут туманида миллий таомлар сайли, 14 март куни Самарқанд туманидаги Нодирдевонбеги мадрасасида сумалак сайли, 15 мартда Тайлоқ туманида баҳор таомлари кўриги, 22 март куни Нуробод тумани Оқсой қишлоғида кураш беллашувлари ўтказиш режалаштирилган.