Покистонда иш бошлаган «Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази"нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу марказ Ўзбекистон-Покистон муносабатларини ривожланишига хизмат қилибгина қолмасдан, ўз навбатида Покистон бўйлаб Ўзбекистон туристик салоҳиятини кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этади, дейилади хабарда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов «Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази» ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистон Покистон фуқароларини Ўзбекистонда таълим, бизнес ва туризм соҳаларидаги фаолиятларини олиб боришлари учун кенг имкониятлар тақдим этишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг март ойидан эътиборан, FlyDubai авиакомпанияси томонидан Покистон -Тошкент авиа рейси йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида Тошкент билан Покистоннинг бошқа ҳудудлари ўртасида алоқаларни ривожланишига хизмат қилади.