Президент Шавкат Мирзиёев 4 март куни Ўзбекистон ва Россия ҳарбий ҳаво кемаларининг икки давлат ҳаво ҳудудидан фойдаланиши тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақдаги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 18 февралда қабул қилиниб, Сенат томонидан 28 февралда маъқулланган эди.

Битим икки давлат мудофаа вазирлари томонидан ўтган йилнинг 12 октябрь куни Тошкентда имзоланган. У ҳарбий юкларни ташиш ва ҳарбий-транспорт самолётларининг қўнишсиз парвозларини амалга ошириш масалаларини тезкорлик билан ҳал этишга имкон беради.

Сенатор Валерий Тян аввалроқ битимнинг ратификация қилиниши ҳарбий-ҳаво кемаларининг томонлар ҳаво кенгликлари орқали парвозларини соддалаштириш, томонлар ҳаво кенгликларидан фойдаланишга рухсат тақдим этиш масалаларида тезкорликни ошириш, томонлар ҳаво кенгликлари орқали парвозларни амалга ошириш жараёнида ҳарбий-ҳаво кемаларининг асосларсиз қўниш ҳолатлари вужудга келган тақдирда валюта маблағларини тежаш имконини беришини маълум қилган эди.