Humo Arena муз саройининг очилиши маросими 15 март куни 19:00 да Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтади, дея хабар қилди мажмуа матбуот хизмати «Газета.uz"га. Таклиф қилинган меҳмонлар орасида ҳукумат ва парламент аъзолари ҳамда Ўзбекистон спортчилари ҳам бор.

Очилишга бағишланган шоуда санъаткорлар, рақс гуруҳлари, акробатлар ва ҳаво гимнастлари, фигурачилар, хоккейчилар ва бошқа спорт турлари вакилларининг чиқишлари кутилмоқда.

Асосий байрам саҳнаси олимпия майдончасида ҳам намойиш этилади. Бу ерда боксчилар, курашчилар, таэквондочилар, футболчилар, қиличбозлар ва фигурачилар, шунингдек, Тошкент хоккей мактаби тарбияланувчилари ҳам ўз маҳоратларини кўрсатади.

Мажмуа қурилиши 2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган эди. Мажмуа 9 гектарлик майдонда барпо этилган бўлиб, кўп тармоқли муз саройи (12,5 минг ўрин), кичик машғулотлар ареналари (200 ўрин), спорт музейи, машғулот заллари, фитнес марказлар, ресторан ва спорт дўконлари ва автотураргоҳларни ўз ичига олади.

Асосий ва кичик яхмалаклар (катоклар) олимпия стандартлари (60×30 м) асосида Континентал ва Миллий хоккей лигалари стандартларига (60×28 ва 60×26) мослаша олади.

Асосий аренадан хоккей учрашувлари учун фойдаланилади. Ўриндиқлар спорт тадбирларига қараб жойлаштирилади — асосий аренада баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг каби спорт мусобақалари, концерт томошаларини ўтказиш мумкин. Концерт зали форматида 10 минг томошабинни сиғдириш имконияти мавжуд.

Кичик аренада хоккей машғулотларини ўтказиш ва хоҳловчилар учун оммавий конкида учишларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Унинг базасида спорт жамоаларини тузиш ҳамда спорт либослари ва инвентарларини ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган.