Ўтган шанба куни Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги «Боғобод» («Ҳисор») икки томонлама автомобиль назорат-ўтказиш пункти (НЎП) очилди, дея хабар қилди «Ҳовар» ахборот агентлиги.

«МИР24» телеканали хабарига кўра, 25 йил ишламаган НЎП Ўзбекистоннинг Узун ва Тожикистоннинг Ҳисор ҳудудларини боғлайди.

«Мазкур НЎП собиқ иттифоқ даврида қурилган. Ҳозирда у замон талаблари асосида реконструкция қилиниб, замонавий техника ва чегарачиларнинг хизмат олиб боришлари учун имкониятлар билан таъминланган», — дея Тожикистон чегара қўшинлари матбуот хизматидан иқтибос келтиради «Ҳовар».

Asia-Plus хабарига кўра, ўтказиш пункти кундуз кунлари халқаро мақомсиз фаолият кўрсатади. У орқали Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ва транспорт воситалари ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларида тўққизта: «Жартепа» («Саразм»), «Қушкент» («Ўра-Тепа»), «Учқўрғон» («Ҳавотоғ»), «Ҳавастобод» («Зафаробод»), «Бекабод» («Ҳаштяк»), «Поп» («Навбунёд»), «Равот» («Равот»), «Гулбаҳор» («Айваж») автомобиль ўтказиш пунктлари ва «Амузанг» («Ҳошади») темир йўли ўтказиш пункти ўз фаолиятини қайта бошлаган эди.