1 март куни пойтахтнинг 8-автобус саройига қарашли 51-автобус ҳайдовчиси ва чиптачисининг йўл ҳақини тўламаган кекса аёл билан тортишгани тасвирланган видеоёзув тарқалди. Ҳайдовчи йўловчи автобусни тарк этмагунча ҳаракатни давом эттиришдан бош тортди, чиптачи эса бошқа йўловчи таклиф қилган пулни олмасдан, аёл бир неча марта йўл ҳақини тўламаганини маълум қилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раиси Моҳир Валиев «Газета.uz"га интервьюда ушбу вазиятдан ҳайдовчи ва чиптачининг тўлиқ айбдор экани, бироқ ҳуқуқий нуқтаи назардан уларнинг ҳақ эканини маълум қилди.

«Бу вазиятдан ҳайдовчи ва чиптачи қўпол муомаласи учун тўлиқ айбдор, уларга ҳайфсан эълон қилинди. Бироқ ҳуқуқий нуқтаи назардан улар тўғри ҳаракат қилишди… [Шундай бўлишига] қарамасдан, ҳайдовчи ва чиптачи сокинлик билан йўловчига қоидаларни тушунтириши керак эди», — деди у.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига кўра, шаҳар ва шаҳар атрофида қатновчи автобусда чиптасиз юрган йўловчи энг кам иш ҳақининг ўндан бир баробари миқдорида (ҳозирги вақтда — 20,3 минг сўм) жаримага тортилади.

«„Тошшаҳартрансхизмат“ жаримага тортиш ваколатига эга эмас, бу иш билан Транспорт вазирлиги шаҳар ҳудудий бошқармаси шуғулланади (аввал — „Ўзавтотранс“). Бугунги кунга қадар бирор марта ҳам жаримага тортиш ҳолатлари содир бўлмаган», — деди Моҳир Валиев.

У бошқа давлатлардан мисоллар келтирди: чиптасиз жамоат транспортида юрганлар Германияда — 60 евро, Францияда — 100−170 евро, Италия, Польша, Чехияда — 100 евро миқдорида жаримага тортилади.

«Жаримага тортиш механизмининг етарли даражада иш бермаслигини тан олиш керак. Ижтимоий ҳимоя ва одамларнинг моддий аҳволи масалаларини ҳисобга олиш лозим. Кўпчилик ҳолатларда биз қонун ва қоидалар бир томонда қолишига кўникканмиз. Бу қанча давом этиши мумкин? Қачон биз ҳуқуқий давлат ва жамият қурамиз? Биз профессионал бўлиш, ҳайдовчилар ва чиптачилар маданиятини ошириш устида ишлаяпмиз. Бироқ йўловчилар маданияти масаласи нима бўлади?» — деди у.

«Тошшаҳартрансхизмат» тизимида 32 йилдан буён ишлаб келаётган ҳайдовчи Александр Саян кекса аёл биринчи марта йўл кирани тўлашдан бош тортмаётганини айтди.

«Агар у ҳайдовчи ёки чиптачининг олдига келиб пули йўқлигини айтса, биз сўзсиз уни ўтказиб юборишимиз мумкин эди… Биз бунгача уни тушириб юборишга ҳаракат қилдик. У ерда одамлар ҳам унга ноҳақлигини, жамоат транспортида бундай қилмаслик кераклигини айтишни бошлади. Бизда фақат метро бепул (муайян вақтларда — таҳр.)», — деди у.