Адлия вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда ҳукуматга киритилди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Меҳнат кодексининг 214-моддасида, иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт бўлган ходимлар рўйхати кўрсатилган ҳамда тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмаслиги белгиланган.

Таҳлилларга кўра, қонунчиликда тиббий кўриклар қайси маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмаганлиги оқибатида, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг бевосита болаларга таълим ва тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари ўзларининг шахсий маблағлари ҳисобидан соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилаётганлиги маълум бўлди.

Лойиҳада ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларни ҳамда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг бевосита болаларга таълим ва тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини иш берувчининг бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказилиши тартиби назарда тутилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларни, ишчи, хизматчилар, шунингдек ходимларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилиниши таъминланади.