2019 йил 17 февраль куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи Х.Т. (исмли аёл) ИИБга мурожаат қилиб, алдангани юзасидан ариза берди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

«Apple New» реклама сайти орқали ўзини Қозоғистон фуқароси «Жаден Гулдана» деб таништирган шахс телеграм орқали у билан гаплашиб, Х.Т. 2 дона «iPhone XS» мобиль телефони сотиб олса, унга яна 1 дона мобиль телефони қўшиб беришини айтиб ишонтирган.

2018 йил 26 декабрь куни Х.Т. Қўқон шаҳридаги банкнинг ҳалқаро электрон пул ўтказмаси орқали Ж.Гулданага 1200 АҚШ долларини ўтказган, лекин шу кунга қадар мобиль телефонини ҳам пулларини ҳам қайтариб ололмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган.

Ўз навбатида ИИВ Ўзбекистон фуқароларига чет эл мамлакатларидаги нотаниш инсонлар интернет тармоғи орқали савдо-сотиқни амалга оширишни таклиф этаётган бўлса, ҳушёр бўлиш ва алданиб қолмасликни тавсия қилган.