Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув машқлари марказида навбатдаги 45 кунлик ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғиннинг 70−80 фоизи амалий машғулотлардан иборат бўлиб, ўта мураккаб машқлар реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилди. Об-ҳаво инжиқликлари Угом-Чотқол тоғ тизмасида ўтказилган амалий машқларга яна ҳам ноқулай ҳолатларни келтирди. Кундузи ҳарорат 4−6 даража совуқ, тунги пайтларда эса 20 градусгача пасайди.

«Ана шундай об-ҳаво шароити, бунинг устига тиззадан ошадиган қорда ҳаракатланиш ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини текшириш учун жиддий синовга айланди», — дейилади хабарда.

Машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар чанғи ва отиш тайёргарлиги, тоғли ҳудудда дарё, жарлик, қоялар ва шу каби тўсиқлардан ошиб ўтишда бир қатор усул ва услублардан фойдаланишди. Йиғин давомида улар табиий тоғ тўсиқларидан ўтиш машқини бажарди.

Денгиз сатҳидан 2500−3000 метр баландликдаги тоғ чўққиларида шартли қуролланган жангарилар гуруҳини аниқлаш ва йўқ қилиш мавзусида тактик ўқувлари ўтказилди.

Фото




Видео