Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши пойтахт логотипини (сайёҳлик брендини) тасдиқлади, дея хабар қилди пойтахт ҳокимияти матбуот хизмати.

Биргаликда «Т» ҳарфини ҳосил қилувчи очиқ ҳолдаги олтин дарвоза ва мовий осмон Тошкент ҳокимияти ва шаҳар маъмурияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ўтказган танловда энг яхши деб топилган эди.

Пойтахтнинг янги логотипи Ўзбекистон ва хорижда ўтказилувчи сайёҳлик кўргазмалари, савдо ярмаркалари ва бошқа тадбирлар, туристик объектлар, хариталар ва бошқа босма ва электрон материаллар, сувенирлар, кийимлар ва бошқа маҳсулотлар, шунингдек Тошкент туризмига бағишланган реклама, видеоролик ва теледастурларда қўлланилади.

Пойтахт брендини ишлаб чиқиш бўйича танлов кузда ўтказилган, бироқ унга тайёргарлик июлда бошланган эди. Танлов комиссияси таркибидан жамоатчилик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон, Россия, Европа ва Осиё мамлакатларида тажрибага эга маркетинг, трендинг, дизайн соҳаларидаги мутахассислар ўрин олди.

Логотип концепцияси асосида Тошкентнинг меҳмондўстлиги ва очиқлиги (дарвоза), шунингдек фаровонлик ва хотиржамлик (мусаффо осмон) ғоялари ётади. Белгининг ўзига хослиги шундаки, у осон ва қулай мослаша олади, ранги ва жумладан ўзидаги мавзули нақшлар, тасвир ва шакллар ўзгариши мумкин. Бу уни ҳар қандай шаҳар муҳити ва ҳар қандай ҳодисага мослаштиришга хизмат қилади.