Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни Наманган вилояти фаоллари иштирокида бўлган йиғилишда Наманган вилоятини комплекс ривожлантириш учун 2,8 миллиард долларлик Дастур ишлаб чиқилганини айтиб ўтди.

Мазкур дастурга асосан, Наманган вилоятида 2019−2020 йилларда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 1 минг 400 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.

Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар 39 мингта доимий иш ўрни яратиш, 1,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш ва ўзлаштиришни таъминлашини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, вилоятда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 1 триллион сўм ажратилиши маълум қилинди. Бу маблағлар ҳисобига вилоятда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими жорий этилади.

Наманган вилоятидаги туман марказларини обод масканларга айлантириш мақсадида ҳар бир туманга 20−25 миллиард сўмдан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига киритилган қишлоқлар ва маҳаллаларга қўшимча равишда 2 миллиард сўмдан ажратилиши таъкидланди.