АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР раҳбари Ким Чен Ин 27−28 февраль куни Ханойда (Вьетнам) бўлиб ўтган саммитда Кореяс ярим оролини денуклеаризация қилиш бўйича келгуси ҳаракатлар тўғрисида келишувга эриша олмади.

Associated Press маълумотларига кўра, пайшанба куни саммит якунлари бўйича келишувни имзолаш маросими ҳамда биргаликда тушлик бўлиб ўтиши лозим эди. Бироқ улар бекор қилинди. Музокаралар Шимолий Корея раҳбари Йенбендаги ядровий объектни демонтаж қилиш учун барча санкцияларни бекор қилишни талаб қилганидан сўнг тўхтатилди.

Дональд Трамп АҚШ келгусида музокаралар ўтказишдан бош тортмаслиги, бироқ ҳозир санкцияларни тўлиқ бекор қила олмаслигини айтиб ўтди. АҚШ президенти музокараларни самарали ўтганини, бироқ учинчи саммит қачон бўлишини номаълумлигини маълум қилди.

КХДР ва АҚШ раҳбарларининг биринчи учрашуви 2018 йил 12 июнда Сингапурда бўлиб ўтган эди. Улар Корея ярим оролини денуклеаризация қилиш тарафдори эканликлари тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди. Ўшанда томонлар икки томонлама муносабатларни яхшилаш, ярим оролда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш устида иш олиб бориш мажбуриятини олган.