Барча юридик шахслар ҳайдовчилари эмас, балки фақат юк ёки йўловчи ташиш бўйича фаолият олиб борувчи юридик шахслар ҳайдовчилари ҳар икки йилда малака ошириш курсидан ўтади. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати пайшанба куни 18-ялпи мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча киритилишини маъқуллади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасига (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) йўловчи ёки юк ташиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака ошириш курсидан ўтганлик тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмагани учун жавобгарликни кўзда тутувчи қўшимча билан тўлдирилади.

Фақатгина транспорт воситасини бошқариш гувоҳномаси олинганига икки йил тўлмаган ҳолатларда сертификат талаб қилинмайди. Бунда янги ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштирилган ёки йўқолганининг ўрнига янги берилгани ҳисобга олинмайди.

Аввалроқ Либерал-демократик партиясидан депутат Расул Кушербаев малакасини оширмаганлик учун жарима фақат юк ва йўловчи ташувчиларга қўлланилиши ҳақида маълум қилган эди.

Барча юридик шахслар ҳайдовчиларидан сертификат талаб қилиш тўғрисидаги талаб Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2017 йил сентябрида жорий этилган, бироқ қонунчиликда ҳалигача мазкур сертификат учун жавобгарлик кўзда тутилмаган эди.

Қонун кучга кириши учун у мамлакат президенти томонидан имзоланиши лозим.