Жаҳон банки 187 мамлакатда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганишга қаратилган «Аёллар, бизнес ва қонун» тадқиқоти натижаларини эълон қилди.

Тадқиқотга тайёргарлик кўриш учун экспертлар мамлакатларнинг сўнгги ўн йилдаги қонунчилик базасини ўрганди. Баҳо беришда эркин ҳаракатланиш, ишга жойлашиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, никоҳ ва фарзандлар, шахсий бизнесини юритиш, активларни бошқариш ва пенсия таъминоти каби кўрсаткичларга баҳо берди.

Ўзбекистон гендер тенгсизлиги даражаси бўйича 100 имкониятдан 70,6 балл тўплаб, МДҲ мамлакатлари орасида энг охирги ўринни эгаллади. Гватемала ҳам худди шундай кўрсаткич қайд этган бўлса, Конго 70 балл билан кейинги ўринни эгаллади.

Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон — 81,8 балл, Қирғизистон — 76,8 балл, Қозоғистон — 75,6 балл тўплаган бўлса, Туркманистон рейтингга киритилмади.

Бельгия, Дания, Франция, Латвия, Люксенбург ва Швеция энг юқори кўрсаткич — 100 балдан тўплади. Энг сўнгги поғоналарда эса Сурия (34,3 балл), Қатар (32,5), Эрон (31,2), Судан ва БАА (29,3) ва Саудия Арабистони (25,6) ўрин эгаллади.