Олий Мажлис Сенати 18-ялпи мажлисда Ўзбекистон ва Россия ҳарбий-ҳаво кемаларининг икки давлат ҳаво ҳудудларидан фойдаланиши тўғрисидаги битимни ратификация қилди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Ҳужжат ўтган йилнинг 12 октябрь куни Тошкентда МДҲ Давлатлари мудофаа вазирлари кенгаши йиғилиши доирасида икки давлат мудофаа вазирлари томонидан имзоланган эди. Ҳужжат ҳарбий юкларни ташиш ва ҳарбий-транспорт самолётларининг қўнишсиз парвозларини амалга ошириш масалаларини тезкорлик билан ҳал этишга имкон беради.

Сенатор Валерий Тян ўз нутқида маълум қилганидек, битимнинг ратификация қилиниши ҳарбий-ҳаво кемаларининг томонлар ҳаво кенгликлари орқали парвозларини режали ташкил этиш ва жараённи соддалаштириш, томонлар ҳаво кенгликларидан фойдаланишга рухсат тақдим этиш масалаларида тезкорликни ошириш, томонлар ҳаво кенгликлари орқали парвозларни амалга ошириш жараёнида ҳарбий-ҳаво кемаларининг асосларсиз қўниш ҳолатлари вужудга келган тақдирда валюта маблағларини тежаш имконини беради.

«Россия Федерацияси ҳаво қонунчилигида белгиланган алоҳида юклар транзити қоидалари бўйича ҳаво орқали ташишда Россия ҳудудини айланиб ўтиш учун саккиз давлат ҳаво кенгликларини кесиб ўтишга тўғри келади… Россия Федерацияси орқали эса худди шу маршрут 900 км га қисқаради», — деди у.

«Мазкур битим биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси манфаатларига хизмат қилиб, ҳарбий мақсадлардаги маҳсулотлар ва бошқа моддий воситаларни зудлик билан етказиб беришни ташкил этиш масалаларини ҳал этиш тезкорлигини оширади», — дея таъкидлади Валерий Тян.