25 февраль куни тахминан 11:29 да Сурхондарё вилояти Термиз туманида истиқомат қилувчи Б.Э. Ат Термизий кўчасидаги туман ҳокимияти биноси олдида ўзига ўт қўйди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси «Газета.uz"га хабар қилди.

Эркак ўзи билан 0,5 литр миқдорида бензин олиб келиб, ёқилғини устига қуяди ва ўзини ёқиб юборади. Аланга оқибатида тан жароҳати олган Б.Э. Термиз туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Вилоят суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, фуқаро танасининг 15−20 фоиз қисми I-II даражали алангадан термик куйиш жароҳатини олган. Куйиш оғирлиги «ўртача» деб баҳоланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Термиз туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.