Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида «Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштириш ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқулланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қонун ҳукумат ишини ташкил этишни тубдан яхшилаш, ижро этувчи ҳокимият органларининг бугунги кун талабига жавоб берадиган, сифат жиҳатидан янги тизимини шакллантиришга қаратилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланганидан кейингина Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланиш тартиби жорий этилмоқда.

Барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришишга ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурлари амалга оширилиши сифати ва самарадорлигига асосланган ҳолда баҳолаш тизими яратилади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилиши юзасидан ҳар чорак якуни билан ҳисобот тақдим этиб боришлари тўғрисидаги тартиб жорий этилмоқда.

Сўзга чиққанлар қонуннинг қабул қилиниши ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга, Вазирлар Маҳкамасини шакллантиришнинг демократик тартиб-таомилларини таъминлашини таъкидлади.