Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев мактаб таълими тизимидаги камчиликларга эътибор қаратди.

Сенат раиси таълим сифати кутилган даржада эмаслигини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон давлат бюджетининг харажатларида умумтаълим соҳаси етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабларнинг моддий-техник базаси, соҳа ходимлари учун шарт-шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бораётган бир шароитда таълим сифати ва натижадорлик кутилганидек эмас.

Бунинг асосий сабабларидан бири — мактаб дарсликла- рини таълим стандартлари ва дастурлар асосида тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишда йўл қўйилаётган жиддий камчилик- лар, хатолар ва бошқа мавҳумликларда, деб биламиз.

Эътибор беринг: сўнгги уч йилда Давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармасининг қарийб 307 млрд. сўм маблағи эвазига 98 млн. нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилган. Аммо уларни яратишга оид мукаммал ҳуқуқий асослар шу пайтга қадар тўлиқ шаклланмаган", — деди у.

Ниғматилла Йўлдошев шунингдек дарсликларни тайёрлаш борасидаги камчиликларга ҳам эътибор қаратди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги 548-сонли Қарори билан тасдиқланган «Дарсликларни ишлаб чиқиш учун муаллифлар таркибини танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида"ги Низомда эса, дарсликлар лойиҳасини тегишли фан ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқиш, экспертлар гуруҳи томонидан бу лойиҳаларни қандай мезонлар асосида баҳолаш тартиби белгиланмаган. Оқибатда, илк босқичдаёқ дарсликлар ўқув дастурларига мувофиқ тайёрланмаган.

Бунинг устига, ҳукуматнинг ушбу қарорига мувофиқ, дарсликларни танлаб олиш бўйича комиссияга келиб тушган дарсликларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборот сир сақланиши белгилаб қўйилган.

Бу эса, дарсликлар лойиҳаларини шаффоф баҳолаш, улар юзасидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ўқитувчиларнинг, ота-оналарнинг, тегишли эксперт ва бошқа мута-хассисларнинг ҳаққоний, холис муносабатини билиш имконини деярли йўққа чиқарган.

Вафот этган муаллифларнинг дарсликларини қайта нашр қилиш тартиби ҳам аниқ белгиланмаган. Оқибатда дарсликлар қатор ўзгартиришлар билан марҳумлар номидан чоп этилмоқда.

Масалан, 7-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг муаллифи А.Муҳаммаджонов 2016 йилда вафот этган. Бироқ, унинг дарслигидаги барча мавзулар қайта ишланган, 6 та мавзу янгидан ёзилган ва дарслик 2017 йилда марҳум муаллиф номидан қайта нашр этилган.

Дарсликларнинг тендер савдолари орқали ғолиб бўлган турли нашриётларда нашр этилиши ўқув материалининг узвийлиги, уйғунлиги ва изчиллигини, шунингдек, предметлараро алоқанинг боғлиқлигини таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.