Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқув дарсликларининг тайёрланиши ва дарсларни ўзлаштирилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр билдирди.

Ҳар бир дарслик бўйича тажрибали, етарли илмий-амалий ва педагогик салоҳиятга эга бўлган муаллифлар жамоаси шакллантирилмаган, деди у.

«Ҳаттоки, айрим дарсликлар бўйича низом талабларига зид равишда Илмий-методик кенгаш аъзоларидан камида учта тақриз олинмаяпти. Бундан ташқари, дарсликлар лойиҳалари Илмий-методик кенгаш томонидан чуқур таҳлиллар асосида жиддий муҳокама қилинмаяпти.

Яна бир ачинарли ҳолат шундаки, таълим давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек адабиётини алоҳида фан сифатида ўқитиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиётини ўзлаштиришга бутун бошли ўқув йили учун бор-йўғи 4−8 соат ажратилган, холос. Мазкур мактабларда давлат тилининг ҳафтасига бор йўғи 2 соат ўқитилаётгани таажжубли ҳолдир.

Савол туғилади: қандай қилиб бундай аҳволда ёшларда ўз Ватанига муҳаббат, эл-юртига ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мумкин ?! Агар рус тилида таҳсил олаётган 581 минг нафардан ортиқ боланинг аксарияти ўзбек фарзандлари эканлигини инобатга олсак, бу саволларнинг нақадар оғриқлилигини, уларга жавобни узоқ йиллар афсусланиб излашга тўғри келишини ҳис қилиш қийин эмас, деб ҳисоблаймиз. Юқорида тилга олинган ҳамда дарсликлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар, табиийки, таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда", деди Сенат раиси.

Ниғматилла Йўлдошев шунингдек дарсларни ўзлаштириш борасидаги фактларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017−18 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 8, 9-синф ўқувчилари орасида она тили ва математика фанларидан ўтказилган ёзма иш натижалари ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштириши талаб даражасида эмаслигини яққол кўрсатди.

8-синф ўқувчиларининг она тилидан ўзлаштириш даражаси мамлакат бўйича 72 фоизни, 9-синф ўқувчиларининг математикадан ўзлаштириши эса, 54 фоизни ташкил этган, холос.

Айниқса, она тилидан ўзлаштириш Тошкент шаҳрида 58 фоизни, Наманган вилоятида 32 фоизни, математикадан ўзлаштириш Қорақалпоғистонда 26 фоиз, Наманган вилоятида 23 фоиз, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13 фоизни ташкил этгани ташвишли ҳолдир.

Биз таълим сифати, пировардида бутун миллат келажагига дахлдор бўлган мазкур масалалар ва муаммолар кўламининг ғоят кенглиги, улар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар, олим ва амалиётчилар, экспертлар, қолаверса, кенг жамоатчилик муносабати муҳим эканлигини инобатга олиб, умумтаълим мактаблари дарсликларини тайёрлашнинг бугунги ҳолати юзасидан бир қатор саволлар баён этилган парламент сўровини Бош вазир ўринбосарига йўллашни лозим топдик.

Мазкур сўров билан боғлиқ масала бугунги ялпи мажлисимизда муҳокама этилади", деди Сенат раиси.