Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 26 февралдаги қарорига кўра, Аюбхон Орифжонович Камолов Наманган вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Аюбхон Камолов 1971 йил 22 февралда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумот олий, 1993 йилда Ленинград қишлоқ хўжалиги институти ва 2001 йилда Наманган муҳандислик — педагогика институтини тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 1993 йилда Наманган вилояти ҳокими ҳузуридаги истиқболни белгилаш ва статистика бош бошқармаси бозор муносабатлари истиқболини белгилаш бўлимида 1-тоифали мутахассис сифатида бошлаган.

Меҳнат фаолияти давомида у Истиқболни белгилаш ва статистика бош бошқармаси ҳудудларни комплекс ва ижтимоий тараққиёт йиғма бўлими, «Ғаллабанк» Наманган вилояти филиали, Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси, «Асака» банк Наманган вилояти филиали, Ўзбекистон «Банклар ассоциациясининг универсал биржа маркази» МЧЖ, «Асака» банк Кредитлаш департаменти, республика Молия вазирлигида масъул ва раҳбарлик вазифаларида иш олиб борган.

Аюбхон Камолов 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ижрочи директори сифатида фаолият юритиб келаётганди.