Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқув дарсликларининг сифати ва мазмунига оид қатор муаммоларни санаб ўтди.

Дарсликларда бир-бирини рад этадиган хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликлар кўпайиб кетганлиги ўқитувчи ва ўқувчиларни чалғитмоқда, деди Сенат раиси.

Жумладан, Ниғматулла Йўлдошевнинг мисол келтиришича, 8-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг 21-мавзусида Хива хонлигида ҳунармандчиликнинг 27 соҳаси мавжуд бўлгани хақида ёзилса, шу дарсликнинг 24-мавзусида мазкур хонликда ҳунармандчиликнинг 50 дан ортиқ тури мавжуд, деб маълумот берилган.

8-синф «Жаҳон тарихи» дарслигининг 12-мавзусида Англияда монархиянинг қайта тикланиш даври деб 1660 йил кўрсатилган бўлса, айнан шу дарслик охирида келтирилган муҳим тарихий саналарда бу давр 1688 йил, деб кўрсатилган.

Бундай мисолларни бошқа фанлар бўйича дарсликларда ҳам кўплаб учратиш мумкин.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сонли Қарори талабларига зид равишда умумий ўрта таълимнинг ўқув дастури таянч ўқув режага номувофиқ тарзда ва амалиёт билан боғланмаган ҳолда ишлаб чиқилган, — деди Ниғматулла Йўлдошев.

Масалан:

  • 1-синф «Ёзув дафтари"да айрим ҳарфлар «Алифбе» дарслигида ўтиладиган вақтга тўғри келмайди;
  • 3-синф «Она тили» дарслигини болалар ўқув йили тугамасидан анча олдин ўқиб бўлмоқда;
  • 10-синф «Биология» дарслигининг камида 12 соатлик дарсларда ўқитилиши лозим бўлган бутун бошли боблар битта 45 дақиқали дарсда ўтилмоқда.

Аксарият ҳолларда, дарсликлар назариётчи олимлар томонидан амалиётдан йироқ ҳолда яратилмоқда. Ушбу жараёнга тажрибали мактаб ўқитувчилари етарли даражада жалб этилмаяпти.

Оқибатда, назарияга ортиқча «ботиб» кетган айрим мавзулар ва топшириқлар ўқувчилар ёшига нисбатан ўта мураккаб тарзда баён этилмоқда, уларни ўзлаштириш ғоят оғир ёки амалда умуман мумкин эмас.

Масалан, 1-синф ўқувчиларига илк ўқув йилининг бошиданоқ турли ҳарфлардан иборат сўзларни топиш машқлари берилган. Оқибатда мурғак бола ҳали танимаган ҳарфини ёзишга, улардан ёзма сўз тузишга «мажбурланмоқда».

3-синф «Математика» дарслигининг 70-бетида, қавсдан чиқариш амаллари ўргатилмаган бўлсада, 9 ёшли болага қўш қавсли мураккаб тенгламани ечиш топшириғи берилган.

Бундай мисолларни 3-синф математика, 5-синф география ва 7-синф «Физика» фанилари бўйича дарсликлардаги мураккаб топшириқлардан ҳам келтириш мумкин.