Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги 10- мактабнинг 6-синф ўқувчиси жанжал вақтида олган жароҳатдан эмас, балки юрак хасталигидан вафот этган, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматлари.

«Озодлик» радиоси 26 февраль куни ўсмирнинг шанба кунги жанжал вақтида олган тасодифий зарбадан вафот этганини хабар қилган эди.

ХТВнинг қайд этишича, 12 ёшли бола Зафаробод туман поликлиникасида туғма юрак пароги ташхиси билан диспансер назоратида турган. Шу сабабли ўқувчи жисмоний тарбия дарсларидан озод этилган бўлиб, фақат назарий билимлари асосида баҳоланган.

Бош прокуратура «Озодлик» тарқатган боланинг юқори синф ўқувчилари билан муштлашув вақтида олган жароҳат сабабли оламдан ўтгани тўғрисидаги хабарни рад этди.

«Мазкур хабар ҳақиқатга мос келмайди. Мазкур мактабнинг6-синф ўқувчилари иккинчи сменада таҳсил олади, ҳодиса эса 10:40 да содир бўлган. Иккинчи смена эса 13:05 да бошланади», — дейилади ХТВ хабарида.

23 февраль куни онасидан рухсат олган бола футбол ўйинини томоша қилиш учун мактаб стадионига боради.

«У футбол томоша қилган, тўп майдон четига чиққанини кўриб, унинг ортидан югурган. Тахминан 10:30 да у тўп ортидан чопиб, йиқилган ва хушини йўқотган. Болалар бу ҳақда мактаб директори ўринбосарига маълум қилган, у эса тез тиббий ёрдам чақирган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари ҳодиса жойига 10:43 да етиб келган. Зафаробод туман тиббиёт бирлашмасида 11:00 да боланинг вафоти қайд этилган», — дея хабар қилди Бош прокуратура.

«Ҳодиса жойида на юқори синф ўқувчилари, на кичик синф ўқувчилари бўлган», — дея қайд этди ХТВ.

Мазкур ҳолат юзасидан Зафаробод туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда. Бош прокуратура ишни назоратга олди.