Адлия вазирлиги ва USAID суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича 10 миллион долларлик қўшма дастурни амалга оширмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Дастурнинг асосий мақсади — қонун устуворлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш, юристлар ва суд-ҳуқуқи тизими ходимларининг малакасини ошириш, фуқаролик жамияти ва ННТ учун қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиришдир.

Бу Тошкентда АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастури тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда қайд этилди.

Тадбирда адлия вазири Р.Давлетов, USAID ва бошқа халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Маълумот учун: USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастури (JRUP)нинг амалга оширилиши умумий миқдори 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағни ташкил этади. Дастур 3 йиллик муддатни ўз ичига қамраб олган бўлиб, мамлакатимиз ҳукуматининг қонун устуворлигини таъминлаш,қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ҳамда республикада фуқаролик жамиятини ривожлантириш каби саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилмоқда.

USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастурининг амалга оширилиши ўтган йилнинг 8 июнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва USAID ўртасида имзоланган Қонун устуворлигини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро англашув меморандумида кўзда тутилган. Бу давлатимиз раҳбарининг АҚШга амалга оширган давлат ташрифи доирасида адлия вазирининг Вашингтон шаҳрида имзолаган келишувларининг мантиқий давоми бўлди.

USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастури Адлия вазирлигиҳамда турли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Мазкур дастур 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий мақсадларга эришишга янгича туртки бўлади. Хусусан, юристлар малакасини ошириш бўйича янги имкониятлар яратилади, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, кутубхоналар, онлайн-таълим ва тадқиқот ресурслари имкониятларини кенгайтириш мақсадида АҚШ университетлари билан шериклик муносабатлари ўрнатилади.

Шунингдек, фуқаролар ва жамоатчилик иштирокидаги назорат механизмларини ишлаб чиқиш моделларини яратиш ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, ахборот билан таъминлаш ва ҳуқуқий ислоҳотларни мониторинг қилиш учун фуқаролик жамиятининг имкониятларини ривожлантириш масалалари ҳам режалаштирилган.