Жорий йилнинг 2−12 март кунлари Россиянинг Красноярск шаҳрида Бутунжаҳон қишки универсиада бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли спорт анжуманида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам иштирок этади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақада юртимиз шарафини Али Тўхтаев ва Иван Меркушин мураббийлигида Комилжон Тўхтаев, Дамир Бухарбаев, Алдиёр Гаипов, Екатерина Лябина ҳамда Жасур Маҳмудов ҳимоя қилишади.

Кичик Олимпиада, дея таърифланадиган Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари ёки соддароқ қилиб айтганда Универсиада мана 50 йилдирки, аҳамияти жиҳатидан жаҳон спорт аренасида иккинчи халқаро комплекс тадбир ҳисобланади.

Универсиада — Халқаро талабалар спорти федерацияси (FISU) шафелигида талабалар ўртасида, Олимпия циклдан фарқли равишда ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган халқаро мусобақа ҳисобланади. Баҳсларда 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган талабалар ва мусобақа ўтказилаётган йилда диплом олган битирувчилар иштирок этишлари мумкин.

Бу галги Универсиадада 50 дан ортиқ давлатдан 3000 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутиляпти. Талаба-спортчилар биатлон, тоғ чанғиси, керлинг, чанғи пойгалари, сноуборд, конкида фигурали учиш, фристайл, хоккей, тўпли хоккей, чанғида мўлжални олиш ва шорт-трек каби 11 та спорт тури бўйича 76 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришади.