Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор қонун лойиҳалари палатанинг навбатдаги мажлисида биринчи, иккинчи, учинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда. Улардан бири — «Туризм тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси бўлиб, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси масъуллигида маромига етказилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девонининг қўмиталар ҳузуридаги котибияти катта референти Отабек Равшанов маълум қилди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур қонун лойиҳаси 2018 йилнинг 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Ишчи гуруҳи томонидан ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармонидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Ундаги ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини имкон қадар қисқартириб, улар қонун лойиҳасининг ўзида акс эттирилмоқда. Хусусан, Қонун лойиҳасининг 3-моддасидаги асосий тушунчалар такомиллаштирилди. Мазкур модда «инструктор-йўлбошловчи», «туристик маҳсулот» ҳамда «туристик маҳсулот буюртмачиси», «ихтиёрий туризм», «жойлаштириш воситаси», «туристик йўналиш», «экскурсиячи», «йўриқчи-йўлбошловчи» каби бир қатор янги тушунчалар киритилган бўлса, «туризм», «турист», «гид», «тур», «туристик ваучер» каби атамалар янада аниқлаштирувчи таҳрирга айлантирилди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари — туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи фақат лицензия асосида олиб борилиши белгилаб қўйилмоқда. Бу билан қонуний тартибда туризм фаолиятини ташкил этиш истагида бўлган исталган юридик ёки жисмоний шахс мазкур лицензия асосида эркин равишда фаолият юритиши имконияти яратилади.

Қонун лойиҳсини маромига етказиш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар — АҚШ, Франция, Германия, Италия, Англия, Испания, Россия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Польша, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларнинг туризм соҳасидаги қонунчилиги ҳам обдон ўрганилиб, таҳлил қилинди. Шунингдек, туризмга алоқадор халқаро шартномалар жумладан «Халқаро туризм соҳасидаги Манила декларацияси», «Минг йиллик Осака декларацияси» ҳамда халқаро ҳужжатлар яъни, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг «Бутун жахон туризм ташкилотининг резолюцияси"нинг амалиётда қўлланишига эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан 10 дан ортиқ учрашувлар ўтказилиб, уларда 100 га яқин таклифлар олинди. Ушбу таклифларни қўмита ишчи гуруҳи экспертлари бирма-бир кўриб чиқдилар ва асосли таклифларни қонун лойиҳасида акс эттиришга ҳаракат килинди. Эътиборлиси, ишчи гуруҳи йиғилишларида қонун лойиҳасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, соҳа тараққиётини таъминлаш ва унинг инфратузилмаларини жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштириш имконини беради.